Мудофаа вазирлиги ўзбек ҳарбийлари Россияга ёрдам бериши бўйича хабарларни изоҳлади
24 июнь куни Евгений Пригожин Россияда "адолат марши" ўтказишини эълон қилганди.
Мудофаа вазирлиги ўзбек ҳарбийлари Россияга ёрдам бермоқчилиги ҳақидаги маълумотларни изоҳлади.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари ҳарбий техникаларда Россия Федерациясига ёрдам бериш учун полигон ҳудудида шай бўлиб тургани, аммо вазият ўзгаргани учун боришдан қолдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тасвирланган видеода шу йилнинг март ойида Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ватанпарварлик фестивалига жалб этилган техникалар акс этган.
"Республикамиздаги барча электрон нашрлар ва блогерлардан маълумотларни нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз. Эслатиб ўтамиз, асосланмаган ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд", дея огоҳлантиради вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни Россияда Евгений Пригожин "адолат марши" ўтказишини эълон қилди. Кейинчалик у музокаралар асосида Беларусга кетишга рози бўлгани хабар берилди.