“Банка” мавсуми: бозорларда нарх-наво қандай? (видео)
Platina.uz Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти масъуллари билан биргаликда Тошкентнинг бир нечта бозорларида суриштирув ўтказди.
Айни пайтда кўпчилик оилаларда "банка" ёпиш авжида. Аёлларимиз "Қишнинг ғамини ёзда е" деганларидек мураббо ва компот ёпишга киришиб кетишган. Бунда асосий маҳсулот саналган шакар нархи, ҳарчанд ҳукумат турли чора-тадбирлар кўриб ушлаб туришга ҳаракат қилса-да, мавсум келиши билан сунъий равишда кўтарилиши сир эмас.
Хўш, бу йил бозорларимизда шакар нархи қандай? Умуман аҳолимиз бу йилги мавсумда шакар тақчиллиги билан боғлиқ муаммога дуч келмайдими? Platina.uz ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти масъуллари билан биргаликда Тошкентнинг бир нечта бозорларида суриштирув ўтказди.
Нархлар бўйича ўрганишларимиз натижасига кўра:
Ҳиндистон шакари - 12 000 - 13 000 сўм;
Хоразм шакари - 14 000 - 16 000 сўм;
Ангрен шакари - 13 500 - 16 000 сўм нархларда сотилмоқда.
Нархлар таққоси импорт маҳсулот маҳаллийдан кўра арзонлигини кўрсатди. Бу кутилмаган ҳолат ва яна бир алоҳида мавзуга сабаб, дейиш мумкин.
Товар-хомашё биржаси тақдим қилган сўнгги маълумотларга кўра, шу ойда шакар нархи 12 608 сўмдан 11 376 сўмга сўмга пасайган. Бу кўрсаткич бозорлардаги нарх-наво билан солиштирганда 1000 сўмдан қарийб 5000 сўмгача фарқ қилади.
"Эски Жува" деҳқон бозори директори ўринбосари Насрулло Мелиқуловнинг сўзларига кўра, илгари ҳар бир фуқарога 5 кг.дан шаҳар сотилар эди. Ҳозир эса бир кунда ҳар бир фуқаро 10 кг.гача шакар харид қилиши мумкин.
Шунингдек, бозорларда шакар захираси етарлича таъминланган. Шакар ишлаб чиқарувчи заводлар билан бозорлардаги арзонлаштирилган ярмаркалар ўртасида йиллик фонд бўйича шартнома тузилган бўлиб, аҳолининг кунлик эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакар ҳар бир шохобчага узлуксиз етказиб берилмоқда.
Шунингдек, шакар билан бир қаторда, компот ва мураббо учун зарур бўлган олча, ўрик ва шунга ўхшаш мавсумий мевалар нархини ўрганиш ҳам Platina.uz эътиборидан четда қолгани йўқ. Унга кўра:
- олча - 4 000 - 10 000
- олхўри - 5 000 - 8 000
- олма - 7 000 - 10 000
- шафтоли - 8 000 - 13 000
- ўрик (турига қараб) - 5 000 - 10 000.
Кўриб турганингиздек, бозорларда 4 000 сўмга ҳам олча бор ва бу айни мавсум учун ҳамёнбоп нарх саналади.
Ушбу лавҳамиз орқали шакар ва мавсумий меваларнинг айни пайтдаги нархларини сизга маълум қилдик.
Мазкур нарх-наво Тошкент шаҳридаги "Фарҳод" ва "Эски жува" деҳқон бозорларига тегишли.
Аббос Имомов