Данияда Путиннинг собиқ куёвига тегишли мулк мусодара қилинди
У яқинда Амстердамга учиб кетган, бироқ Нидерландия ҳуқуқ-тартибот идоралари унга қизиқиш билдиргани учун Россияга қайтишга мажбур бўлган.
Владимир Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцованинг собиқ эри Йоррита Фаассеннинг мол-мулки мусодара қилинган.
Тергов маълумотларига кўра, Путиннинг собиқ куёви Амстердам чеккасидаги 1432 квадрат метр майдондаги ерни Путиннинг Ротенберг тузилмаларидан 450 минг eврога сотиб олган.
Нидерландия прокуратураси 12 май куни ерни тортиб олган. Бу Фаассен жиноий ишда айбланувчига айланганини билдиради.
Путиннинг собиқ куёви яқинда Амстердамга учиб кетган, бироқ Нидерландия ҳуқуқ-тартибот идоралари унга қизиқиш билдиргани учун у Россияга қайтишга мажбур бўлган. Фаассен Амстердамга келгач, санкциялардан бўйин товлагани билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан сўроқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Путиннинг ҳар икки қизи ҳам 2022 йил апрелида, Россия Украинага кенг кўламли бостириб киришни бошлаганидан кўп ўтмай, Европа Иттифоқи ва AҚШ санкциялари остида қолган эди.
Таъкидлаш керак, гарчи Ғарбга қарши мунтазам ҳақорат ва туҳматлар ёғдириб келаётган бўлса-да, деярли барча Россия элитаси, пропагандачилар ҳамда лаганбардорлар қатламининг Европа ва АҚШда қимматбаҳо мол-мулклари бор. Айрим элита вакиллари эса АҚШ ва Европа давлатлари паспорти ёки истиқомат рухсатларига ҳам эга. Уларнинг фарзандлари ва қариндошлари Ғарбда доимий яшайдилар.
Ҳаттоки энг “ёрқин” ва етакчи пропагандачи Владимир Соловьевнинг ҳам Италияда бир неча қимматбаҳо вилласи ҳамда узумзорлари ва шаробчилик бизнеси бор. Шунингдек, Соловьев 2009 йилдан бери Италияда доимий яшаш рухсатномасига эга.
Кремл лаганбардори ва “сарой” қўшиқчиси Филипп Киркоров доимо “Путин — энг яхши президент” деб ҳайқирса-да, унинг АҚШдаги Майами соҳил ҳудудида қимматбаҳо вилласи мавжуд.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг қизи Елезавета Пескова ҳам узоқ вақт Францияда яшаган. Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Москвада қолишга мажбур бўлган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ягона қизи Екатерина Винокурова ҳам АҚШ фуқароси, узоқ муддат Англия ва АҚШда ўқиб, истиқомат қилган.